УЗБЕК ТИЛИДА КИНО УЗБЕК СЕРИАЛ УЗБЕК ТИЛИДА ХИНД КИНО УЗ КИНО
NIGOH FM ONLAYN RADIOSI НИГОХ ФМ РАДИОСИ АЪЛО КАЙФИЯТНИНГ АСЛ МАРКАЗИ НИГОХ РАДИОСИ
PORTALIDAN IZLANG!
Вы вошли как ГостьГруппа "Гости"Мой профильВыходRSS
Juma, 18.8.2017, 17:37

Загрузка...
Главная » Статьи » КИТОБ ОЛАМИ

ФОНИЙ ДУНЁ
www.nigoh.com portalininn tiibiyot bo‘limida  Muazzam Ibrohimovaning FONIY DUNYO hikoyasini to'liq o‘qishingiz mumkin ФОНИЙ ДУНЁ

ФОНИЙ ДУНЁ,ҳаётий ҳикоя,Ёсин таборак ,заҳар келин,касалманд қайнона,омонатингни осонгина ол!

 

 

(ҳаётий ҳикоя)
 

Кеча ҳамқишлоғим Умар тоға Яратганга омонатини топширди.
Атиги элликда ўтганди . Одатда бунақа вақтда ёш кетган инсонга ачинамиз. Бироқ, узоқ вақт ўлим билан олишган Умар тоғага нисбатан бундай дейилмади. “ Ахийри қутулибдида бечора” дея юзларга фотиҳа тортилди.
Бир йил аввал Тошкентга келишганида эр- хотинни истамайгина кутиб олгандим. Фақат, келишлари сабаби Умар тоғанинг томоғида пайдо бўлган хавфли шиш эканини билиб юмшадим.
Унинг касали анча аввал бошланган экан. Ташхис аниқланиб, вилоят онкология диспансерида кимётерапия муолажасини ҳам бошлашган. Аммо қон босими кўтарилиб ахволи оғирлашгач, уйга жавоб беришган экан. Бир оз муддатдан сўнг, холати яхшилангандай бўлибди. Кузгача яхши юрибди. Куч-қувват, иштаҳага кириб қолганда дард қайта қўзғабди.
Хотини шанғиллаб тушунтиргандай бўлди:
-Айб ўзидада!. Икктагина химия олиб, қолганини олмади. Ўзича яхши бўлиб қолдим деб, ўттиз кун рўза тутганларига ўлайми? Фарғонадаги дўхтири катта-катта енг, иммунитетиз бақувват бўлади деб уқтирганди. Кошки қулоқ солса! Ёш бола бўлсаку, уриб-сўкиб мажбур едирсам. Иштаҳаси йўқмиш?! Арзимаган нарсаларга сиқилаверганидан кейин иштаҳа бўлармиди? Тавба, вой ҳамма нарсани ичига ютади. Дунёнинг бутун проблемаси шу кишига қолгандай ўйланавериб шу дард ўлгурни ортириб олди.
Унга бир ўқрайдиму тилимни тийдим. Бу хотинни эшитишни ҳам у билан гаплашишни хохламасдим.
Одамлар бежиз орқаваротдан уни Ширинака, эрини Умархон деб аташмасди. Ўшанда ҳам шанғиллаётган хотинига қараб ожизгина қараб турган эркак “ Мени шу ахволга тушишимга сабабчи сенсанку!” дея айта олмаганди.
Республика Онкология Марказига бориб беморни кўрикдан ўтказганимизда, оппоқ сочли профессор, Умар акани ташқарига чиқариб аттанг дея бош чайқади.
- Афсус ўсимта анча катталашиб қолибди. Томоқдаги онкологик ўчоқ икки карра хавфли ва анча агрессив бўлади. Уни нур билан кичрайтириб, кейин операция қилишдан бошқа чорамиз йўқ. Наманганга бориб нур терапиясини оласизлар сўнг ўсимтани олиб ташлаймиз.
Уларни водийга кузатиб қўйдим.
Уч ойдан сўнг, Тошкентда операция қилдиришди. Жонлантириш бўлимида ётган Умар тогани кўриб, жаррохлик амалиётнини қилган профессордан ўсимтанинг сифати хақида сўрадим.
- Дўхтир, сиздан яширмайман. Ўсимта анча илдиз отгани учун ҳаммасини олиб ташлашнинг имкони бўлмади. Одатда нур терапиясидан сўнг ҳажми кичраярди. Ҳамқишлоғингизда акси бўлган. Даволашга ҳаракат қиламиз....
Энг кучли мутахассисдан бу хабарни эшитиш, “ Имконият жуда оз. Барибир ўлади. ” деган жумлани эшитиш билан баробар эди. Мен билан бирга кирган хотини йиғлаб юборди .
Бу аёлнинг кўзидан ёш чиққанини биринчи марта кўришим эди. Қанча одамга дилозорлик қилиб, қон қақшатган Ширинда ҳам юрак бор эканда? Эрининг бедаво дарди уни ўзгартиридими ёки ёши ўтганда келган инсофми, била олмадим. Беозор, қўй оғзидан чўп олмайдигандай кўринган аёлга профессор далда берди. Мен миқ этмадим. Ҳеч нарса дегим келмади.
... Умар ака бор йўқлиги билинмайдиган одамлар сирасига кирарди. Болалигимизда , уйимиз биқинидаги самоворга ҳамманинг дадаси кирар, фақат икки уй нарида яшайдиган Азизанинг отасигина кўринмасди. Тенгқурлари йиғилиб, соя-салқинда отамлашиб ўтирса, у жазирама иссиқда ҳам томорқада куймаланиб юрарди. Аҳён-аҳёнда битта марака ёки тўйда кўриниш берибгина, шу қишлоғнинг одами эканини эслатиб турарди.
У аламини меҳнатдан оларди. Бировга ёрилмас, ҳамма хабардор бўлган оиласидаги муаммоларини ҳеч ким хал қила олмаслигини ҳам яхши биларди.
Айтишларича, оиладаги хотиржамлик Ширин келгач барҳам топган.
Эридан сўнг, уч болани ёлғиз катта қилган Саври хола тўнғичидан умидлари катта эди. “ Умаржон! Умаржоним энг яхши, энг ақлли қизга муносиб” деб , етти маҳалла қизларини суриштириб совчи жўнатарди. Қани оёқлари ўзига бўйсунсаю, шахсан ўзи сулувларни кўрикдан ўтказса. Қани қанотлари бўлсаю, энг оқила қизгинани топиб манглайидан ўпса! Ўғли бировни севмади. Ёки суйгани бўлса ҳам, андиша қилди. Ниҳоят чеккароқ бир қишлоқдан қўхликкина қизнинг дараги чиқди. Ақли-хушини ҳам обдон мақтаган қўшниси икки хотин билан бориб оқини ҳам олиб келди.
Бир дунё орзу умидлар билан келин тушираётган она шўрлик шодиёнани деразадан кузатди. Ёр-ёрлар садоси остида кириб келган келини ва ўғлини дуо қилиб, ёшларга оқ фотиҳа берди. Фариштадай келинчакнинг пешонасидан ўпиб, Яратганганга шукроналар келтирди.
Келин бўлмиш оддий оиланинг саккизинчи боласи экан. Уч-тўттагина лаш-луш билан остона хатлаган қизгинанинг сепи хотинларга ёқмади. Бу хонадонга қиз бераман деганлар, Умаржонни куёвликка кўзлаганлар кўп эди.
Висир-висирлар қулоғига етган Саври хола ғийбатнинг тилин чўрт кесди:
-Менга унинг бойлиги керак эмас. Худога шукур, бир умр тўқ яшадим. Бу макон ўнта келинни бола-чақаси билан боқади. Ўғилларим иккитагина. Мендан кейин уч боламнинг бошини қовуштириб, уларга меҳрини дариғ тутмаса бўлди!”
Ўғил ҳам , онанинг гапини маъқул кўрди.
- Онам ҳам она, ҳам ота бўлиб кўнглимизга қарадилар. Синглим туғилганидан сўнг дардга чалиниб ётиб қолдилар. Бизга тузукроқ қарай олмаётганидан қаттиқ эзилардилар. Сиз келгунингизгача кир-чир, ош-овқатни эплаганимча ўзим қилдим. Онамни хурматини жойига қўйиб укам ва синглимни хафа қилмасангиз бас!”
Ширинойнинг Ширин юзлари қизариб эрининг гапларига астагина “ хўп бўлади” дея жавоб қайтарди.
Каттакон ховлининг маликасига айланган қизгина гадойтопмас қишлоғидан жаннатга тушиб қолгандай еттинчи осмонда эди. Уйлар данғиллама бўлмаса, ҳар қалай катта бўлган хонадонидан хашаматли. Гир айлана боғдаги мева-чеванику гапирмаса ҳам бўлади. Шафтоли, анор, олма, анжир...Хуллас кўнглинг тусагани топилади. Қизлик уйида бу неъматлар анқонинг уруғи эди. Отаси, ака-укалари ҳам боғ-роғ билан астойдил шуғулланишмаган. Дарахтлар қуриб, қачонлардир экилган гуллар ковжираб ётарди. Қайнонасининг айтишича, раҳматли эри ҳам, ўғли ҳам қўли гул боғбон экан. Умар акасини кузатиб ҳам англаса бўларди. Тўйнинг эртасигаёқ қўлига токқайчини олиб, боғ оралаб кетганди. Келинчак аллақандай дарахтга улама қилаётган эрининг олдида ўтириб ишини кузатди. Олманинг серҳосил навини яратмоқчиман деган хўжайининг ҳаракатлари унга қизиқ арли туюлди. Бироз ёрдамлашган бўлди, аммо тезгина зерикиб қолганди.
Бу ховли барибир бошқача эди. Ховли ўртасидан оқиб ўтувчи шарқироқ сой, унинг биқинидан биқирлаб чиқувчи ширин булоқ- чи? Унинг сувидан илк маротаба тотиб кўргандаги лаззат таъми ҳамон оғзида.
Юкли бўлиб қолгани сезмаган келиннинг кўнгли айниди. Уни кузатиб турган қайнонанинг эса кўнгли кўтарилиб ўғлини чақирди. Булоқ сувидан олдириб чиқиб, сўнг пиёлани тўлдириб келинига тутди. Ҳеч нарса ёқмай турган келин сувдан бир хўпладию, танаси яйраб “ вой , мунча ширин!” деб юборганини ҳам билмай қолди. Саври хола ютоқиб сув ичаётган келинининг холатидан роҳатланиб ҳукм чиқарди: “ Бугундан бошлаб булоқчамизнинг номи бўлади. Уни сени шарафингга Ширинбулоқ деб атаймиз. Невараларим , чевараларим ҳам унинг сувидан ичиб яйраб юришсин!”
Умиджон ва Зумрадхон келинойисини жуда яхши кўришарди. Айниқса Умиджон. Саҳар туриб, пақирчада кўтара олганча сув олиб, ховли сатҳига сепар, каттагина супургини олиб бошқа томондан терга ботиб супуришга тушарди. Келинойисига қўлдан келганча қаралашиб сўнг боғ томон чопарди. Дарахтларнинг баланд шоҳидаги, энг ширин мевани топиб ийманибгина узатарди.
Ҳаммаси чиройли, ҳаммаси рисоладагидек эди. Бироқ, егани олдида, емагани кетида бўлган ношукур жувон бир йилгина меҳрибон келинойи ролини ўйнади. Кейин, баъри ўзгарди. Арзимаган баҳоналар билан жанжал кўтариб, тинчгина хонадоннинг тутунини чиқарди. Келинойисидан олган мунчоқлик рўмолчаси қўлидан қўймайдиган беш ёшли Зумрадхонни силтаб, эндигина иккинчи синфга ўтган Умиджоннинг кийимларини ювиб бериш ҳам малол келди. Болалар бу ўзгариш сабабини тушунмас, дераза орқали кузатиб ётган Саври хола инсофга чақирарди:
-Хай, секинроқ қизим! Уят бўлади! Кечаям арзимаган сабаб билан овозинг кўтарилди. Хонадонимиздан гап чиқмаган. Қўшниларнинг олдида номусга қолдирма!
Аммо заҳар келин касалманд қайнонани ҳам чақишдан тоймади:
-Сиз индамай ётсангиз бўларди ойи! Бу иккала манқага фақат ман қарайман. Уларнинг кир-чири, ош-овқатидан тўйдим. Тайёр хизматкормана! Келибоқ иккита туғиб олгандай , гулдек ёшлигимни шу болаларингизга бағшлаб ўтирибман. Сизи иштон-пиштонингизнику гапирмасам ҳам бўлади!
Саври холанинг қоқсуяк елкалари силкиниб- силкиниб йиғлади. Саври хола бировга чурқ этмай эзилиб йиғлади. Ўзику майли, туртилиб-суртинаётган кичкинтойларини ҳимоя қила олмаётганидан ожизгина йиғлади...
Аммо ношуд келинни на насиҳат, на хонадон аъзоларининг йиғи-сиғиси юмшатди. У учта туғиб ҳам ўзгармади. Ҳаётига аралашган қариндош, қўни-қўшни ҳам дарвозадан ичкари киролмайдиган, Ширин аканинг таъбири билан айтганда “ички ишларга бурун тиқмайдиган “ бўлишди.
Йиллар шу тахлит ўтаверди. Умидлари чилпарчин бўлган онаизор эса кўп яшамай, кўзи очиқлигича бу дунёни тарк этди.
Жанжалларнинг энг хунуги кеч кузда, Умиджон харбий хизматдан қайтганида рўй берди. Бояқиш тунда келиб, эрталабгача эшик қоқибди. Қўни-қўшни уйғонганида аскар жамадонига суянганча қўнишиб ухлаб қолган, дарвоза эса ичкаридан ёпилганча турарди. Эрининг сафарга кетганидан фойдаланган хотин биттагина қайнукани кўчада қолдириб, “ ухлаб қолибмиз” деган баҳона билан зулфинни туширди. Умиджон ишонди. Чулдираб тили чиқиб қолган жиянлари билан кўришиб, ҳаммага совға-салом улашди. Уйнинг нураб қолган жойларини таъмирлаб, ховли сатхини теккис қилиб семонлади. Доим иш ва сафарда бўлгувчи акасининг қўли тегмаган дарахтлар шоҳини бутаб, боғ файзини очди. Аммо икки ой ўтмай, ўша биттагина жамадони билан киндик қони тўкилган уйни тарк этди.
Ширин турли баҳоналар топиб ака-укани уруштириб, ахийри мақсадига етганди. Иккта ўғилга тенг мерос бўлиши керак бўлган эллик сотихли ховли бус-бутунлигича ўзига қолишни истаган жоҳил аёл ҳеч нарсадан тап тортмасди. . Махалла –кўй, оқсоқоллар майли, тушига бот-бот киргувчи раҳматли қайнонасининг ҳам нолаларини писанд қилмади.
Энди биттагина қайнисингилдан қутулса бўлди. Биринчи бўлиб остона хатлаган совчиларни яхшироқ суриштирмай, тўрттагина кўрпа- тўшаги билан Зумрадхонни ҳам жойини топиб ими-жимида узатиб юборди. Бир донагина қиз ҳам ота уйидан буткул хайдалганини, энди унга ҳеч кимнинг кўзи учиб кутиб олмаслиги хис қилиб борган жойида тошдек қотди. Эр қўйдек ювош, буларни баърини кўриб турса ҳам хотинига қарши чиқа олмасди. Оғиз очгудек бўлса ўзининг ҳам хайдалиши мумкунлигини билиб, индамай яшашни маъқул топди...
Ўн йил деганда, бировларникида яшаб , устачилик қилаётган Умиджонни маҳалла ахли уйга олиб келди. Соқоли кўксига тушган Қирғиз домланинг панду- пўписаларига пинак бузмаган аёлдан нафратланган оламон куч билан йигитни ота ховлига киргизиб қўйди. Мерос иккига бўлинди. Ўттизни қоралаб халигача уйлана олмаган уста Умиджон ўзига берилган ерга шинамгина уй солди. Кўнгил қўйган қизиникига боришга рози бўлиб, тили “iиринлашиб” қолган келин ойининг бир оғиз гапи билан эски уйни ҳам бузиб қайта кўтарди. Устунлару, эшиклари ганждан ишланган, ўзиникидан ўн чандон чиройли иморат қад ростлади.
Энди уйланса ҳам бўларди. Бир кўча наридаги суйганининг уйига бориш ҳақида ийманибгина оғиз очди. Шунда Ширин яна асл башарасини кўрсатди. Яна сафарга кетган эрнинг йўқлиги қўл келди. Ярим кечаси, ҳамма ухлагани ётганида ялангоёқ кўчага югуриб чиқиб, аюханнос солди. Одамлар кўзларини ишқалаб чиққанида ёқаси йиртилган маккор хотин ер муштларди.
“ Тинчликми, келинойи?” деб югуриб чиққан Умиджонга қўлини бигиз қилиб хўнграб юборди:
Вой- дод! Вой-дод... Манави гўрсўхта, акаси йўқлигидан фойдаланиб менга ташланди. Мен уни боқиб, ёшлигидан ўз укамдек кўргандим. Бугун эрта совчиликка ҳам бормоқчи эдим. Аммо у ётоғимга бостириб кирди яшшамагур!
Бу бўҳтон, бу энг жирканч бўхтон эканини маҳалла ахли тушунди. Аёлнинг мақсадини ҳам ҳамма яхши англади. Аммо Умиджон кўтара олмади. Яна ўша жамадонини қўлига олиб, энди жудаям олисларга, ота ховлининг хумори тортмайдиган жойларга кетишни маъқул кўрди. ...
... Овози хирриллаб, деярли чиқмай қолган бемор хотини хонадан чиқиши билан йўқловчилардан Умиджон ва Зумрадхонга хабар беришни ўтиниб сўрарди. Фарзандларига ялиниб, аммаси ва амакисини топиб келишларини илтимос қиларди. Эшик томон қўрқиб-қўрқиб қараб қўйгувчи болалари “Хўп” дея ваъда беришаркану, жигарларидан хабар йўқ экан.
Ўша вақтда бу савдоларни эшитиб ишонмадим. Умар аканинг холидан хабар олгани кирсам, хотини айвонда қошига ўсма қўйиб ўтирган экан. Жирканиб кетдим. Ўша дамда профессорнинг хонасида тўкилган кўз ёшлар сохта эканига амин бўлдим. Бир ёстиққа бош қўйган тан маҳрами ўлолмай, дийдор илинжида бўлсаю, пардоз қилиб ўтирса.
Умар акага мен ҳам ваъда бердим. Қани энди укаси ва синглисининг манзилини билсам. Онамлардан сўрадим. Лекин ойим ҳам афсусланиб бош чайқадилар.
-Фойдаси йўқ қизим. Зумрадхон неча марта келиб дарвозадан қайтиб кетганини билмайсанда? Ўтган йили Умиджон ҳам келган экан. Ўшанда Умаржон вилоят онкология диспансерида ётган эди. “ Акангиз командировкада “ деб, жўнатиб юборибди. Биз ҳам беҳабар қолибмиз қизим. Бу аёлга шайтон бас келмаса, бандаси бас кела олмайди.
Умар тоға илхақ бўлиб яна икки ой шу тахлит ётибди. Уч кун бурун, беморнинг томоғидан сув ҳам ўтмай қолганда келавериб қон йиғлаган сингилни киритишибди. Ҳеч кимни таний олмаётган акаси меҳрибон онасининг ифорини олиб келган жигарини
таниб кўзини очди. Қалтироқ қўллари билан синглисининг кафтидан тутиб, аранг розилик сўради. Пажмурда сингил рози эканини айтгач беморнинг кўзи яна эшикка қадалди. У Умиджонни, бир кўрпани талашиб, тортишиб катта бўлган биттагина укасини ҳам охирги марта кўрмоқчи бўлди.
Қилдак жонни узилиши ҳам қийин экан. Бежиз , “омонатингни осонгина ол!” дейишмайди. Нахот, ажал тўрт ойдан буён у билан бекинмачоқ ўйнаса. Шундай дақиқалар бўлардики, у жон азобида ўзини ўлдиришга ҳам рози эди. Аммо илдиз отган ўсимтанинг даҳшатли оғриқларидан умр сўнгидаги виждон қийноғи минг карра азоблироқ эди.
... Ёсин таборак қирқинчи марта ўқилаётганида, умр кинотасмадек сўниб бораётган нигоҳлардан ўта бошлади. Болалик, йигитлик ва ундан кейинги ҳаёти ҳам намоён бўлди. Бироқ Умар тоға ҳаётининг энг тинч, энг ширин бўлакчаси – болаликка қайтгиси келди.
Ана елкасида кўтариб баланд ишкомдан узум уздирадиган басавлат отаси, меҳрибон онаси, синглиси. Қандай баҳтиёр дамлар эдия? Хайхоттек ховли, аҳил оила. ...Ие, яна укаси йўқми? Наҳотки уни бошқа кўра олмаса!
-Дадаси сув! Сув беряпман, бир томчи ...
Ким у? Гапираётган ким? Жигарининг дийдорини қийёматга қолдирган дажжолми?
Пиёлани нари итарди. Томизилган сув ҳам томоғидан ўтмай гезарган лаблар бурчагидан сизиб тушди. Яна кўзларини юмди.
Ана Ширинбулоқ. Йўқ, ўзларининг булоқчаси! Ие, анави чўмилаётган болалар ўзи ва укасику!
Зилол сувнинг офтобрўй жилоси кўзини қамаштирди. Унинг аксида ҳам жондан азиз жигари, Умиджоннинг доимо кулиб тургувчи чеҳраси намоён бўлди.
- Кечир, кечир укажоним пичирлади у. Мендан рози бўл!
Иниси кулиб, бош силкиди. Қўлини чўзди. Умар тоға енгил қўзғолиб, жигари томон қадам ташлади...
Ҳаёт нури сўнаётган кўзлар катта очилди. Сўнг...
“Акажон!” деган ёввойи фарёддан фоний дунё ларзага келди.

 

Муаззам Иброхимова

Категория: КИТОБ ОЛАМИ | Добавил: RIZONUR (20.08.2014)
Просмотров: 1002 | Теги: Ёсин таборак, касалманд қайнона, KUTUBXONA, омонатингни осонгина ол!, ҳаётий ҳикоя, заҳар келин | Рейтинг: 0.0/0
NIGOH FM ONLAYN RADIOSI НИГОХ ФМ РАДИОСИ АЪЛО КАЙФИЯТНИНГ АСЛ МАРКАЗИ НИГОХ РАДИОСИ

Ештиш Радио musofir-fm1


Онлайн радио musofir-fm1


comments powered by HyperComments
Всего комментариев: 0
avatar
Copyright MyCorp © 2017Бесплатный конструктор сайтов - uCozЯндекс.Метрика